(Яъни, мўмин-мусулмонлар Аллоҳга ва унинг динига ижобат қилганларидан кейин, кофир ва мушрикларнинг ҳақ эканлигига ҳар қанча ҳужжат-далил келтирсалар ҳам, Аллоҳнинг наздида уларнинг ҳужжат-далиллари ботилдир.)
(Яъни, бандаларнинг ким бўлишидан қатъий назар, уларга шафқат қилади, яхшилик кўрсатади, исёнларига қарамай, уларга хайру баракаларини сероб қилиб қўяди.)
(Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё ризқини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди. Охират ҳосилини истаган одам эса, бу дунё ҳосилидан ҳам бошқалардан кўра яхшироқ баҳраманд бўлади. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар яхши оқибатга эришишлари турган гап.)
(Динсиз, иймонсиз кишилар, Аллоҳнинг амрига юрмасдан, турли гуноҳ ишларни қиладилар. Гуноҳ ишларга Аллоҳ таоло изн бермагани, уларни ман қилгани жуда ҳам равшан. Аммо баъзи одамлар гуноҳ ва маъсиятларни бемолол қилмоқдалар. Уларга мазкур гуноҳ ва маъсиятларни қилишга ким изн беради? Аллоҳга шерик келтирган худоларими?! Ўша шерик худолари уларга Аллоҳ изн бермаган ишларни қилишни қонунлаштириб берганми? Агар бандаларнинг амалларига савоб ёки азоб қиёматда бўлиши ҳақидаги ажрим сўзи бўлмаганида, бандалар орасида ҳозироқ ҳукм қилиниб қўйилган бўлар эди.)