(Бу оятда қиёмат кунининг васфи келмоқда. Қиёмат қўпганида, ҳар бир умматга ўз пайғамбари гувоҳ этиб олиб келинади. Анбиёлар эса, умматлари Аллоҳнинг амрига юрганлари ва юрмаганлари ҳақида адолатли гувоҳлик берадилар. Муҳаммад алайҳиссалом аввалдан охиргача ҳамма умматларга гувоҳлик берадилар. Ана ўшанда у кишига иймон келтирмаганлар, мутакаббир, фахрланувчи ва бахилларнинг, одамларни ҳам бахилликка буюрган ва Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматларни беркитганларнинг ҳоли нима бўлади? Улар ўзлари инкор этган Холиқнинг ҳузурида турибдилар, ўзлари рад қилган пайғамбар энди уларга гувоҳлик бериши, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни Олий Қози ҳузурида айтиши керак. Энди бу кофирлар, мунофиқларнинг ҳоли не кечади? Қиёмат қоим бўлди. Ҳақиқат юзага чиқди.)
(Бу ояти каримада кўпгина ҳукмлар мужассам топгандир. Шу билан бирга, ароқни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи ҳамдир. Таҳорат ва ғуслга сув топилмаса, тоза тупроқ-ла таяммум қилинади. Шунингдек, сув тегиши билан касаллиги кучайиб кетадиган беморларга ҳам таяммумга рухсат. Яъни, таҳорати йўқ одам таҳоратни ният қилиб таяммум қилса, таҳорат ўрнига ўтади. Жунуб одам ғуслни ният қилиб таяммум қилса, ғусл ўрнига ўтади.)