(«Тақсимлаш» — меросни бўлиш учун ҳақдорлар йиғилган мажлисдир. Демак, мерос тақсимлаш мажлисида ҳақдорлардан бошқа қариндошлар ҳам, шунингдек, етимлар, камбағал-мискинлар ҳам ҳозир бўлишлари мумкин. Ҳақдорлар меросдан насибаларини олишса-ю, қолганларга ҳеч нарса тегмай қолса, ўксишлари, кўнгиллари синиши эҳтимоли бор. Шундай ноқулай ҳолатни ўртадан кўтариш учун, оятнинг ҳукмига кўра, меросхўрлар бирор нарсани ажратиб, ҳалиги кишиларга бериб, уларни ҳам севинтиришлари лозим.)
(Отаси ўлиб етим қолган болаларни оталиққа олган одам ўша етим болаларнинг ўрнига ўз болаларини қўйиб тасаввур қилсин. Гўё унинг ўзи вафот этиб, ортида заифҳол болалари қолганини ўйлаганда қандай қўрқса, қўлидаги етим болаларга ҳам шундай назар билан қарасин, деган маъно чиқади. Бунда етимларни оталиққа олган кишида оталик меҳрини қўзиш билан етимларга бўлган раҳм-шафқатини зиёда қилинмоқда.)
(Ал-Авфий Ибн Аббосдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Аллоҳ таоло ўғил ва қизларга ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар туширганда баъзи одамларга ёқмади. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир, у от миниб, душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» дейишди. Уларнинг бу тутимларига жавобан Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр қилади», деб бошланувчи ояти каримани нозил қилди.)