(Исломдан аввал бошқа разолатлар қатори фоҳишабозлик ҳам кенг тарқалган эди. Зинокорлик айб эмас, фахр ҳисобланар эди. Ўзларига баҳона топиб, зинога турли йўллар очган эдилар. Аллоҳ таоло жамиятнинг бу дардига ҳам ўзига хос даво қўллади. Аввал-бошда бу борада биз ўрганаётган ушбу оятни туширди. Мусулмонларни бу разолатдан узоқлашишга ва ким бу мазкур фоҳишага қўл урса, унга нисбатан керакли чоралар кўришни амр қилди.)
(Бу оятдаги фоҳиша ишдан кўзда тутилган нарса бачабозликдир. Бу разолат ҳам кенг тарқалган жиноятлардан бўлган. «Озор беринглар» дегани — сўкиш, айблаш, қўлга тушган нарсалар билан уриш, деганидир ва булар вақтинчалик чора ҳисобланган. Ишончли ҳадис китобларининг соҳиблари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Кимнинг Лут қавми амалини қилаётганини кўрсангиз, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам ўлдиринг», деганлар. Аммо ушбу оятда кўрсатилган вақтинчалик чора бўйича озор бергандан сўнг улар: «Агар икковлари тавба қилсалар ва тузалсалар, уларни тек қўйинг».)
(Ушбу оят Исломдан олдинги даврда аёл кишига зулм ва жабр шаклида жорий қилинган баъзи одатларни ботил этмоқда. Жумладан, жоҳилий арабларнинг одати бўйича, эркак киши вафот этса, унинг хотини ҳам бошқа молу мулки қатори қариндошларига мерос бўлиб қолар эди. У бечора аёлни зўрлик-ла меросга олишар эди. Хоҳласа, биронтаси унга маҳр бермай уйланар ёки бошқа бировга эрга бериб, маҳрини ўзлари олишар ёки умуман у шўрликни эрга беришмас, ўзлари ҳам уйланишмас, беҳуда ушлаб туришар эди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига хитоб қилиб, бундай ишлар ярамаслигини баён қилмоқда. Ва аёлларга нисбатан бўлган зулм ва жабр-ситамни кўтармоқда.)