(Аллоҳга иймон келтириб, Унинг чақириғига лаббай деб жавоб бериб, яхши амалларни қилиб яшаган бандалар бу дунёда гўзал ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, бу дунёда қилган гўзал амаллари учун савоб оладилар, жаннатга дохил бўладилар.)
(Олдинги манзаранинг тамоман акси. Оятда бу дунёда гўзал амаллар эмас, ёмон амаллар қилганлар васф қилинаётир. Ёмонликлари туфайли улар бу дунёнинг ўзида ёмон ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, уларга: «ёмонликларига яраша ёмон жазо бўлур».)
(Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган даврдаги одамлар тушунчаси бўйича, ўсиб-ҳаракатланиб турган нарсалар тирик, ҳаракатсиз, ўсмай турган нарсалар ўлик ҳисобланар эди. Ана шу тасаввурга биноан қадимги тафсирчиларимиз «ўликдан тирикни чиқариш»га тухумдан қушни, уруғдан ўсимликни, данакдан дарахтни чиқаришни ва шунга ўхшаш ҳолатларни мисол қилиб келтирганлар. Ёки, аксинча, ҳамма ҳайвонлар тирик бола туғади, қушлар эса, жонсиз тухумни. Ўсиб етилган ўсимликдан жонсиз уруғ чиқади. Буларнинг ҳаммасини ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ!)