(Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликни доим, тез, сўраса-сўрамаса бериб келади. Бу ҳаётда кўрилаётган ҳақиқат. Аммо ёмонликни сўраган заҳоти бермайди. Чунки ёмонликни ҳам тезда берса, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетадилар. Аллоҳ бандаларини бунинг учун яратмаган. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом бир ҳадисларида насиҳат қилиб, кишиларни ўзларига қарши, моллари ва болаларига қарши дуо этишдан қайтарганлар.)
(Инсон иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳат-фароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётига мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўмин-мусулмонлардан бошқалари. Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғигами, тинчлигигами ёки роҳатигами футур етса, бошига мусибат келса, дарҳол Аллоҳ ёдига тушади. Ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлборишни бошлайди. Ҳатто, энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир куни келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан таб тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.)