(Бундай ҳолатда савол беришга фақат жаннат эгаларигина қодирдирлар. Чунки дўзах эгалари ўзлари билан ўзлари овора. Бу дунёда кофирлар Аллоҳнинг охирати, жаннати ва дўзахига, уларда азоб-уқубат, роҳат-фароғат бўлишига иймон келтирган мўминлар устидан кулган эдилар. Энди вазият буткул ўзгарди. Мўминларнинг юзи ёруғ, сўзлари ҳақ бўлди.)
(Жаннат билан дўзах орасида тўсиқ бўлиб турган баланд ва кенг девор — аъроф устида одамлар бор. Бу одамлар кимлар эканлиги ҳақида уламолар ўртасида икки хил фикр мавжуд. Биринчиси: улар яхшилик ва ёмонликлари тенг келиб, на жаннатга, на дўзахга ҳукм бўлмай қолган кишилардир. Иккинчиси, ўз қавмига пайғамбарларнинг ҳақ даъватларини етказиб, уларни яхшиликка бошлаган даъватчилар, уламолар ва шуҳадолардир. Биз иккинчи маънони ихтиёр қилдик. Чунки, аъроф — олиймақом жой, жаннатнинг ҳам устида. Унинг юзида турган одамлар халойиқни юқоридан кузатишяпти. Улар ишонч билан яхшиларга яхши, ёмонларга муносиб тарзда сўз қотмоқдалар. Жаннат эгаларини олқишлаб, дўзах аҳлини итоб қилмоқдалар. Ўзларини нима кутаётганини билолмай, қиёмат саҳнида изтироб чекиб турганлар бунга журъат эта олмайдилар. Аллоҳу аъламу бис-савоб.)