(У зот Ўзининг ҳукмига тажовуз қилиб, ҳаром нарсаларни, Аллоҳнинг номи айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўштини еганларни жуда яхши билади ва уларга тегишли жазони беради. Шунингдек, илмсиз, ҳавою нафснинг кўйига кириб, бу масалада ва бошқа масалаларда одамларни адаштирганларни ҳам яхши билади ва уларга ҳам тегишли жазосини беради.)
(Уламоларимиз агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол, деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.)
(Бу ояти каримада кофир одам ўлик ҳисобида эканлиги таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло кимни иймонга ҳидоят этса, ўша одамнинг мўмин бўлиши гўё ўликнинг қайта тирилишига тенглаштирилмоқда.)
(Бу жиноятчилар катта мансабларни эгаллаб олиб, одамларни ўз йўлига солиш учун турли ҳийла-найранглар қиладилар. Уларнинг жинояти Аллоҳ таолонинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилишдир. Катта жиноятчиларнинг динга қарши қилган макр-ҳийлалари ўзларининг бошига етади. Чунки улар динга қарши чиқиш билан Аллоҳга қарши чиқадилар. Ўзининг ҳалокатига замин яратган бўладилар. Мўминларни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳимоя қилади.)