(Улар ҳикмат тўла Қуръони Каримни, Аллоҳнинг пурҳикмат сўзларини қабул қилмасдан, уларга бадалсиз тақдим этилаётган икки дунё саодатига элтувчи илоҳий дастурга бўйинсунмасдан, қандайдир беҳуда сўзларни кўтариб юрадилар. Ҳа, ўша беҳуда сўзлар эгаси бўлиш учун молу мулкни, ҳаётни, зеҳн-заковатни, бутун имкониятларни сарфлайдилар.)
(Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи ҳўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.)