(Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини оғир гуноҳлари туфайли Ер юзидан гумдон қилиб ташлаган эди. Худди шу осий қавмдан сўнг сизларни Ер юзида ўзининг халифаси қилиб танлади. Бу — улуғ неъмат. Бунга, албатта, шукр қилиш лозим эди. Аммо Од қавми ҳам жаҳолатида қаттиқ туриб олди.)
(Мазкур баҳснинг оқибатида Биз Ҳуд алайҳиссаломга ва у зот билан бўлган мўминларга нажот бердик. Улар Аллоҳ юборган бало-офатлардан омонда бўлдилар. Яъни, батамом ҳалокатга гирифтор қилдик. Уларнинг Муғайс деб аталгувчи водийлари узра узоқ муддат давом этган қурғоқчиликдан сўнг бир булут намоён бўлди. Од қавми, мана шу келаётган булут бизга ёмғир ёғади, деб шод бўлишди. Аммо орзиқиб кутилган булут етиб келганида ундан қаттиқ шамол уфурилиб, барчаларини ҳалок қилди. Улардан бирортаси омон қолмай, «кетлари узилди».)
(Бошқа сураларда баён қилинишича, Самуд қавми Солиҳ алайҳиссаломдан Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи оят-белги келтиришни талаб қилганларида, Аллоҳ таоло катта харсанг тошдан бир туяни чиқарган. Шунинг учун ҳам у «Аллоҳнинг туяси» деб аталмоқда. Самуд қавмидан баъзи шахслар бу мўъжизавий туяни кўриб иймон келтирдилар. Туя яйловда ўтлаб юраверди. Сувдан истифода қилиш эса, навбатли бўлди. Чунончи, сувни бир кун туя, бир кун Самуд қавми истеъмол этар эдилар.)