(Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аҳли ваъз-насиҳатга қулоқ тутсин, инсофу иймонга келсин, қилаётган жиноятларидан қайтсин, деб уларга муфассал қилиб, алоҳида-алоҳида тарзда оят-белгиларни юборди. Баъзи уламоларнинг фикрича, Исро сурасидаги «Мусога тўққизта очиқ-ойдин, оят-белги бердик», дейилишига қараганда, тўққиз йилда тўққизта оят юборган, чунончи: асо, қўл, қаҳатчилик, мева ва жонларни нуқсонга учратиш, тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қон. Аллоҳ таоло ҳар гал бало юборганида, Фиръавн аҳли дод-вой солишиб, тавба қилишар, жиноятларини тарк этишга ва Бани Исроилни қўйиб юборишга Мусо алайҳиссаломга ваъда беришар эди.)
(Аллоҳ таоло вақти-соати етганида, қойил мақом қилиб интиқом олди. Аллоҳнинг оятларини рад этиб, кофирлардан ибрат олмай, ғофил бўлганлари учун сув қаърига ғарқ бўлиб, ҳаммалари бирданига ҳалок бўлдилар. Ояти каримада, денгизга ғарқ қилдик, дейилади.)
(Оятдаги «хўрланиб юрган қавм»дан мурод Бани Исроилдир. Фиръавн ва унинг аҳли Бани Исроил ўғлонларини ўлдириб, қизларини чўри, ўзларини хизматкор қилиб, мудом хўрлашар эдилар. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини улкан жиноятлари боисидан ғарқ этиб, ҳалок қилганидан сўнг, «хўрланиб юрган қавм»ни Ўзи баракали қилиб қўйган ернинг машриқ ва мағрибига меросхўр қилганини эслатмоқда. Энди улар хорликдан қутулиб, озод ва фаровон турмуш кечириш имконига эга бўлдилар.)