Эй Пайғамбар, қачон аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида талоқ қилинглар ва иддани ҳисобланглар. Парвардигорингиз Аллоҳдан қўрқинглар. Уларни уйларидан чиқариб юборманглар ва ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Очиқ фаҳш ишни қилган ҳолатлари бундан мустасно. Бу Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларидир. Ким Аллоҳнинг ҳадларидан ошса, у ўзига аниқ зулм қилибди. Сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бундан кейин бирон ишни пайдо қилар.
Муддатларига етганида эса ё яхшилик билан олиб қолинглар ёки яхшилик билан ажрашинглар ва ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Гувоҳликни Аллоҳ учун тўкис бажаринглар. Бундан Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймон келтирган киши насиҳатланади. Ким Аллоҳдан тақво қилса, унга чиқар йўлни барпо қилиб беради.
Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишига етгувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳар бир нарсага бир миқдор қилиб қўйгандир.
Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларига келсак, агар шубҳангиз бўлса, уларнинг иддаси уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўйишларидир. Ким Аллоҳдан қўрқса, унга ишини осон қилиб қўяди.
Уларга қўлингиздан келганча ўзларингиз яшаётган уйдан жой беринглар ва сиқиб чиқариш учун уларга зарар берманглар. Агар ҳомиладор бўлсалар, то ҳомилаларини қўйгунларича уларни таъминлаб туринглар! Сизлар учун эмизсалар, уларнинг ҳақларини беринглар! Ўзаро яхшилик билан келишиб олинглар! Қийналиб қолсангизлар, унинг учун бошқаси эмизур.
Бадавлат одам бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи ўлчаб қўйилган бўлса, Аллоҳ унга ато этганидан нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этганидан ортиқ нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ оғирликдан кейин енгилликни барпо қилур.
(Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амалларни қилган зотларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг очиқ-аниқ оятларини тиловат қилиб берадиган Пайғамбарни (юборди). Ким Аллоҳга иймон келтирса ва яхши амал қилса, уни остидан анҳорлар оқиб ўтадиган ва у ерда мангу қоладиган жаннатларга киритур. Дарҳақиқат, Аллоҳ унинг ризқини гўзал қилиб қўйган.
Аллоҳ шундай Зотки, етти осмонни ва ердан ҳам шунчасини яратди. Фармон уларнинг орасида нозил бўлиб туради. Токи Аллоҳ ҳар нарсага Қодир эканини ва Аллоҳ ҳамма нарсани илми билан қамраб олганини билинглар.