Эй Пайғамбар, қачон аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида талоқ қилинглар ва иддани ҳисобланглар. Парвардигорингиз Аллоҳдан қўрқинглар. Уларни уйларидан чиқариб юборманглар ва ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Очиқ фаҳш ишни қилган ҳолатлари бундан мустасно. Бу Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларидир. Ким Аллоҳнинг ҳадларидан ошса, у ўзига аниқ зулм қилибди. Сиз билмассиз, эҳтимол Аллоҳ бундан кейин бирон ишни пайдо қилар.
Муддатларига етганида эса ё яхшилик билан олиб қолинглар ёки яхшилик билан ажрашинглар ва ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Гувоҳликни Аллоҳ учун тўкис бажаринглар. Бундан Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймон келтирган киши насиҳатланади. Ким Аллоҳдан тақво қилса, унга чиқар йўлни барпо қилиб беради.
Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишига етгувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳар бир нарсага бир миқдор қилиб қўйгандир.
Аёлларингиздан ҳайздан ноумид бўлганларига келсак, агар шубҳангиз бўлса, уларнинг иддаси уч ойдир. Ҳайз кўрмаганлариники ҳам. Ҳомиладорларнинг иддаси ҳомилаларини қўйишларидир. Ким Аллоҳдан қўрқса, унга ишини осон қилиб қўяди.