Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Яна Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлоди, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга Забурни ато этдик.
Пайғамбарларки, улар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик. Пайғамбарларки, улар ҳақида сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди.
Пайғамбарларки, хушхабар элтувчи ва қўрқитувчидирлар.Токи бу пайғамбарлардан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши бирон ҳужжат қолмасин. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир.
Лекин Аллоҳ Ўзи сизга нозил қилган нарсага гувоҳлик берур. Уни Ўз илми билан нозил қилди. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли Гувоҳдир.
Эй инсонлар, Пайғамбар Парвардигорингиз тарафидан ҳақни олиб келди. Бас, иймон келтиринглар. (Шунда) ўзингизга яхши бўлади. Агар куфр келтирсангиз, бас, осмонлару ердаги (ҳамма) нарса Аллоҳникидир. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳаким бўлган Зотдир.