Эй қавмим, нега мен сизларни Аллоҳга иймон келтириш ва яхши ишларни қилиш ила эришиладиган дунё ва охиратдаги нажотга чақирсам, сизлар мени куфру маъсиятлар касофатидан гирифтор бўлинадиган дўзахга чорлаяпсизлар? Бу нима деган гап?
Дарҳақиқат, сизлар даъват қилаётган нарсалар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам даъват қилинишга арзийдиган нарсалар эмас. Улар дуогўйнинг дуосини ижобат қила олмайдилар. Ҳаммамизнинг қайтиб борар жойимиз эса Аллоҳгадир. Куфру маъсиятлар ила исрофкунандалик қилганлар Қиёмат куни дўзахга ошно бўладилар ва у ерда абадий қоладилар.
Улар насиҳатга қулоқ солмадилар. Шунда пайғамбар деди: "Ҳали бу насиҳатларимни эслайсизлар ва қабул қилмаганингизга қаттиқ пушаймон бўласизлар. Мен ишимни ёлғиз Аллоҳга топшириб қўяман". Дарҳақиқат Аллоҳ бандаларнинг ҳамма ишларидан воқиф бўлиб туради. Бирон нарса У Зотнинг назаридан четда қолмайди.
Бас, Аллоҳ ўша мўминни кофирлар қилган ҳийла-найрангларнинг ёмонлигидан асраб қолди. Уни ўлдирмоқчи бўлгандилар. Фиръавн аҳлини эса ғарқ бўлиш азоби қамраб олди. Аллоҳ бу дунёда унинг ўзини ҳам, лашкарини ҳам денгизга ғарқ айлади.
Улар ўлганларидан кейин қабрларида кечаю кундуз дўзахга рўбарў қилиб туриладилар. Қиёмат куни эса: "Фиръавн тобеларини куфр келтирганлари, ҳақни ёлғонга чиқарганлари ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлари учун энг қаттиқ, энг оғир азобга ташланглар", дейилур.
Мутакаббир пешволар шундай жавоб бердилар: "Пешво бўламизми, тобе бўламизми, ҳаммамиз дўзахдамиз. Ҳеч ким ҳеч кимнинг ҳеч қандай азобини енгиллата олмайди. Аллоҳ бандалари ўртасида Ўз ҳукмини чиқариб, ҳар бир бандага қилмишига яраша жазосини бериб бўлди".