(Яъни, Аллоҳ таоло уй ичида, Пайғамбар алайҳиссалом билан пичирлашиб гаплашган Ҳавла Бинти Саълабанинг сўзларини эшитгандек, дунёда бўлаётган барча ишларни кўриб туради. Унинг учун ҳеч бир нарса махфий эмасдур.)
(Яҳудийлар ҳар бир нарсада ҳийла ишлатиб, Расулуллоҳга ва мусулмонларга ёмонлик қилишнинг пайида бўлардилар. Ҳаттоки улар саломлашиш пайтида ҳам «Ас-Салому алайкум (сизга тинчлик бўлсин)» дейиш ўрнига, «Ас-Сому алайкум (сизга ўлим бўлсин)» деб сезилмайдиган қилиб айтишарди.)
(Мусулмонлар ўзаро суҳбатларида доимо бир-бирларини яхшиликка ва тақвога чорлашлари лозим. Афсуски, ҳозир бу қуръоний таълимотлар бизнинг орамиздан йўқолган. Ўзаро суҳбатлар ёлғон, бўҳтон, туҳмат ва ғийбатдан иборат бўлиб қолмоқда. Бу эса мусулмонларнинг на одобига, на шаънига тўғри келади.)
(Одатда иккита-иккита ёки кўпроқ бўлиб олиб, жамоатдан ажраб пичир-пичир қилиб гаплашиш кўриб турганлар қалбига шубҳа солади. «Биздан беркитиб булар ниманингдир маслаҳатини қилишаётган экан», деган хаёлга олиб боради. Бунинг устига, шайтон: «Сенинг зарарингга маслаҳат қилишяпти, бўлмаса ошкора гапиришарди», деб васваса қилади. Шундай қилиб, қарабсизки, жамият аъзолари ичида бир-бирига ишончсизлик юзага келади.)
(Мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларида иймон ва илм олардилар. Шунинг учун ҳам ҳамма катта қизиқиш билан, иложи борича, у зотга яқинроқ ўтиришни хоҳларди. Ушбу оят нозил бўлгач, илм олиш мажлисини ҳаммага кенг тарғиб қилиш зарурлиги эслатилиб, мажлис аҳлининг барчасига жой беришни йўлга қўйишга даъват этилди.)
(Пайғамбар алайҳиссалом билан муножот (суҳбат) қилишдан аввал садақа беришга даъват этилган буйруқнинг бир неча ҳикматлари бор. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вақтларини бекор кетказмаслик; камбағалларга фойда бўлиши; мухлис ва мунофиқларни ажратиш ва ҳоказо.)
(Аллоҳ таоло аввалги ҳукмини бекор қилмаса ёки ундан ҳам оғирроқ ҳукмни жорий қилса бўлаверар эди. Лекин Аллоҳ таоло ўзини унутиб қўйган баъзи кишиларни огоҳлантириб бўлгач, яна кўпчиликка раҳм қилиб, аввалги Ўз ҳукмини бекор қилди.)
(«Банданни шайтон эгаллаб олишининг аломати шулки, уни сиртини ялтироқ қилиш билан машғул қилиб қўяди. Яхши ейиш, яхши ичимлик ичиш, яхши либослар кийишга уринтириб, Аллоҳнинг неъматларига шукр келтиришдан чалғитади. Тилида ёлғон, бўҳтон ва ғийбатни гапиради-ю, Аллоҳнинг зикрини унутади».)
(Аллоҳнинг ризолигини топиш... Кимки яратган Роббиси ризолигини топмас экан, мабодо унинг иймони сақлаб қолмаса, бу ёлғончи дунёда умри алданиш билан, охиратда эса фақат азобга дучор бўлиш билан интиҳо топади.)