(Ойиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар): «Аллоҳга қасамки, Ойиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар».)
(Шу билан ифк ҳодисаси — мусулмонлар жамоасини катта мусибатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом оиласининг поклигини ва бу оилани Аллоҳнинг Ўзи сақлашини исбот этди.)
(Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилсагина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам ҳижолатга тушади. Балки хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин.)