(Биз «тойилиш» деб таржима қилган сўз ояти каримада «жанафан» дейилган. Бу сўз хато қилиб ҳақдан бурилишни билдиради. Яъни, билмасдан. «Гуноҳ» эса, билиб туриб ҳақсизлик қилишдир. Демак, васият қилувчи билибми-билмайми нотўғри васият қилган бўлса, унинг васиятини бузган одам бундан аввалги оятда келгани каби гуноҳкор бўлмайди. Мисол учун, бир одам молининг учдан бири миқдоридан кўпини васият қилиб юборса, васияти фақат учдан бирига ўтади, қолганига амал қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди.)
(Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.)
(Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.)