(Аллоҳ таолодан «шоядки» калимаси содир бўлса, албатта, воқеликда содир бўлиши шарт. Бу ваъда Маккаи Мукаррама фатҳ бўлиши билан амалга ошди. Мушриклар тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кирдилар ва мусулмонлар билан дўст-биродар бўлдилар. Қалбларидаги душманлик туйғулари ҳам кўтарилди.)
(Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. Аммо кимки мусулмонларга диний адоват туфайли уруш очса, уларни диёрларидан чиқарса ёки душманларига уларни диёрларидан чиқаришда ёрдам берса, албатта, ундай кишиларни дўст тутиб бўлмайди. Бу ҳам айни адолатдир.)
(Душман тарафдан келган ҳар бир кишини ҳам қучоқ очиб кутиб олинавермайди. Чунки, душман жосус юбориши ҳам мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таоло имтиҳон қилиб кўришни амр қилмоқда. Ушбу ояти карима тушгунча мусулмонлардан баъзилари мушрика хотинлари билан бирга яшаётган эдилар. Оят тушгандан сўнг уларни талоқ қилдилар.)