(Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди. Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Илм ривожланиб, одамлар фазога учадиган бўлганларида, инсон қанчалик баландга кўтарилса, юраги-кўкси шунчалик сиқилиши кашф этилди. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб бўлмаганда, бундан ўн тўрт аср аввал бу илмий ҳақиқатни қандай қилиб кашф этар эди?)
(Демак, жинлар одамларни йўлдан уриб, иғво қилиб, ёмон йўлга юргизиб ҳузур-ҳаловат олган ва роҳатланганлар. Жинлар фитнасига учиб кофир ва гуноҳкор бўлган одамлар эса, уларнинг зийнатлаб кўрсатган, ҳавою нафсни қондирувчи ишларини бажариб ҳузур қилганлар. Булар иродаси заиф, ғофил, ҳавою нафсга берилган, шаҳватпараст одамлар бўлганлар. Шайтон уларнинг ушбу заиф жойларидан тутиб, иғвосига учирган ва ўзига малай қилиб олиб, ҳар кўйга солган, бу дунёда мақсадларига эришиш йўлида улардан фойдаланиб ҳузур қилган.)