И з о ҳ. Уруш ҳаром қилинган ойда кофирлар сизларга қарши урушар эканлар, сизлар ҳам бу ойда уларга қарши урушишингиз мумкин. Аслида «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром қилинган ойда ҳеч қандай уруш-жанжал бўлмаслиги лозим. Аммо, модомики қарши тараф бу қоидага риоя қилмас экан, демак, сизлар ҳам риоя қилишингиз шарт эмас.
И з о ҳ. Эй мўминлар, Аллоҳнинг динига ёрдам бериш ва Унинг йўлида жиҳод учун инфоқ қилишда (пул-мол сарфлашда) давом этинглар, Аллоҳ йўлидаги жиҳодни ва бу йўлда инфоқни тарк қилиш билан ўзингизни ҳалокатга ташламанглар, инфоқ ва тоатни гўзал суратда қилинглар, барча амалингизни холис Аллоҳ учун қилинглар. Албатта, Аллоҳ ихлосли ва гўзал амал қилувчи кишиларни яхши кўради.
И з о ҳ. Ҳаж ёки умра ибодатини адо этишни ният қилган киши аввало иҳром (махсус кийим) кияди. Шундан кейин то ҳаж маросимларини тўла адо қилгунича унинг учун соч-соқолга тиғ теккизиш, тирноқ олиш, жуфти билан яқинлашиш, бировга — ҳатто энг майда ҳашаротга ҳам озор бериш каби феъллар ҳаром бўлади. Ҳаж амалларини адо қилиб бўлгач, сочни қириш ёки қисқартириш билан иҳромдан чиқилади. Энди бирор ҳожи қандайдир сабаб билан ҳаж амалларини охирига етказа олмаса бир туя, мол ёки қўйни ўз тарафидан Аллоҳ йўлида ҳадя қилиб жўнатиши лозим. Бу ҳадя жойига — Маккага етиб боргач, йўлда қолган ҳожи сочни қириши — яъни иҳромдан чиқиши мумкин бўлади.