(Ким ақлини ишлатиб, инсоф қилиб ҳидоятга юрса, Аллоҳ туширган Қуръонга амал қилса, ўзига фойда бўлади. Ким шунчалик гап-сўздан кейин ҳам, Аллоҳ унга ақл-ҳуш бериб, пайғамбар юбориб, китоб тушириб, ҳақ йўлни кўрсатиб қўйганидан кейин ҳам залолат йўлини танласа, ўзига зарар қилади, бошқага эмас.)
(Ҳар лаҳзада қанчадан-қанча одамлар жон берадилар. Уларнинг жонини ким олади? Ҳар бир одам ҳар куни маълум муддат ухлайди, ўшанда у ўликка ўхшаб ётади. Унинг жони нима бўлади? Бу саволларга мазкур жумлада жавоб бор. Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган зот Аллоҳдир. Тандан жон чиқиши катта вафот, ухлаганда тана билан жон орасида алоқанинг кучсизланиши кичик вафот дейилади. Чунки ухлаган одамнинг жонини ҳам Аллоҳ таоло олган бўлади. Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолаверади. Аллоҳ ажали етмаганларнинг жонини қўйиб юборади. Улар белгиланган ажалгача яшаб юрадилар.)
(Кофир ва мушриклар бу дунёда гердайиб, талашиб-тортишганлари билан, қиёмат қоим бўлиб, ўзларига бериладиган азобни тушуниб етганларида, азобдан қутулиши учун бор-йўқ дунёсини беришга тайёр турадилар. Аммо бу тўлов кимга ҳам керак? Қиёмат кунининг қозиси пора ҳам, тўлов ҳам олмайди. У беҳожат Зот. Унинг ҳузурида кофир ва мушриклар учун амалларига яраша жазо бор, холос.)