(Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай — либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос — тақво либоси.)
(Шайтон инсониятнинг ота-онаси Одам ато ва Момо Ҳавони қандай фитнага солгани юқоридаги оятлардан маълум бўлди. У Одам ато ва Момо Ҳавони гуноҳга чорлаб яланғоч қилди ва жаннатдан чиқаришга муяссар бўлди. Одам болалари бу ҳодисани зинҳор унутмасликлари зарур. Акс ҳолда, шайтон уларни ҳам шармандаларча яланғочлаб, жаннатдан маҳрум этади.)
(Ҳатто пайғамбарлар, авлиё ва солиҳ бандалар ҳам шайтон васвасасидан саломат қолмаганлар. Аммо улар доимо яхшиликни ихтиёр қилганлари, ёмонликдан қочганликлари учун Аллоҳ ҳидоятига сазовор бўлганлар. Хатокорларни ҳам биров мажбур қилиб ёки зўрлаб йўлдан оздиргани йўқ, шайтон фитнаси шу ҳолга туширди. Икки гуруҳ ҳам Аллоҳ ҳузурига қайтадилар.)