(Не боисдан сеҳргарлар биринчи бўлиб иймон келтирдилар? Чунки улар Мусо алайҳиссалом келтирган нарса сеҳр эмас, ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканини ҳаммадан бурун англаб етдилар. Сеҳргарларга ҳақиқат биринчи бўлиб етиб борди. Виждонлари уйғонди ва қалбларини иймон нури ёритди. Улар Аллоҳга сажда қилиш учун ўзларини ерга ташладилар.)
(Бу ҳам барча фиръавнларга хос хусусият. Улар ўзларига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайдилар. Барча давр фиръавнларининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу: қадимда қўл-оёқларини кесиб, осишган; ҳозирда қамайдилар, азоблайдилар, отадилар. Аммо уларнинг бу усуллари иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди.)
(Қавм пайғамбарига таъна қилди. Сен келмасингдан бурун ҳам озор тортар эдик, ўшанда ҳам ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдирар эдилар, сен келганингдан кейин ҳам бари бир озор топмоқдамиз. Уларнинг фикрича, пайғамбар келиши ҳамоно ҳамма нарса уларнинг фойдасига ҳал бўлиб қолиши керак экан. Улар пайғамбар шахсига таъна қилмоқдалар. Аммо нега ўзларига назар солмайдилар? Ўзлари нималар қилдилар? Иймон келтирдиларми? Иймон тақозо этган бирор-бир ишни қилдиларми?)