(Урушдан қочиб, сафарбарликдан ортда қолган ўшалар фақат оддий узр айтиш билан кифояланмайдилар, балки узрлари ҳақиқий эканлигига ишонтириш учун қасам ичадилар. Қасам ичганда Аллоҳнинг номини тилга оладилар. Лекин уларнинг қасамларига ҳам ишонмаслик керак экан. Чунки пасткаш мунофиқнинг ўз манфаати йўлида Аллоҳ номи ила ёлғон қасам ичиши ҳеч нарса эмас.)
(Мунофиқлар Аллоҳнинг розилигини эмас, балки банданинг розилигини олишга уринадилар. Мунофиқлик шу асосга қурилган.)
(Оятда аъробийларнинг асл табиатлари васф қилинмоқда. Улар ўзлари яшаб турган муҳитга мослашиб қолганлар. Улар куфр ва нифоқда ашаддий бўладилар. Аъробийлар шафқатсиз табиий шароитда узоқ яшагани учун кўнгли қаттиқ, қўпол табиатли бўлиб қоладилар. Яна бунга ўхшаган сабаблар жуда ҳам кўп бўлиши мумкин.)
(Оятда васфи келган мунофиқлар аъробийлардир. Улар мусулмонларга ўзларининг сири очилиб қолишидан қўрқиб, закот беришга ва жиҳод учун баъзи бир сарфларни қилишга мажбур бўладилар.)
(Бу оятда васфлари келган аъробийлар мухлис, мўмин-мусулмон аъробийлардир. Улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган саодатманд кишилардир.)