И з о ҳ. Юқорида зикр қилинган «Байтул-Маъмур — Обод Уй»дан мурод Аллоҳ таолонинг амри билан Одам алайҳиссалом бино қилган Байтуллоҳ бўлиб, Нуҳ пайғамбар замонларида рўй берган тўфон балосида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар у уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетган эканлар. Унинг «Обод Уй» деб аталишига сабаб у уйни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилишидир.
И з о ҳ. Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим: Агар аждодлар ҳаёти дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтиб, Аллоҳ таоло наздида юксак даражотларга эришсалар ва уларнинг фарзандлари ҳам уларга иймон билан эргашсалар-у, аммо ота-боболари муяссар бўлган баланд мақомларга кўтарила олмасалар-да, Аллоҳ таоло уларни ҳам ота-боболарига қўшиб, барчаларига Ўзи ваъда қилган жаннатдан жой ато этади, аммо фарзандлари сабабли аждодларнинг ажр-мукофотларини заррача камитмайди. Чунки ҳар бир жон ўзи қилган ишига жавобгардир. Энди қуйидаги оятларда яна ўша аҳли жаннатга ато этиладиган бахт-саодат ва ноз-неъматлар зикр қилинади.
И з о ҳ. Яъни сизлар «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», деб даъво қиласизлар. Қай бир ҳужжат билан бундай демоқдасизлар?! Сизлар «доно»ликларингиздан ўзларингиз ёмон кўрадиган ва орланадиган қизларни Аллоҳники деб, ўғил болаларни ўзларингизники қилиб олмоқчимисизлар?! Агар шу «доно»ликларингиз бўлса, сизларнинг Қуръонни ҳам, пайғамбарни ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор қилишларингиз ҳеч тонг эмасдир!
И з о ҳ. Бу оятда Аллоҳ азза ва жаллага икки кўз сифатини Унинг улуғлигига лойиқ тарзда халқларига ўхшатмасдан, кайфият бермасдан исбот қилиш бор. Бу суннатда ҳам собит бўлган ва умматнинг салафи солиҳи ҳам бунга ижмоъ қилгандир.