(Эй одамлар! Қуръонни ёлғон деманг! Қуръонни фалончи тўқиган, деманг! Унинг тўғрисида шубҳа қилманг. У қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди. Ким Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлса, у ўша одамни ҳидоятга бошлайди, Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.)
(Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.)
(Аллоҳ нафақат кўради ёки билади, балки унга гувоҳ бўлади ва очиқ-ойдин китобга ёзиб ҳам қўяди. Шундай бўлгандан кейин, дунёда энг катта гуноҳни қилганларнинг — Аллоҳ таологагина хос бўлган ҳаққа тажовуз этиб, унинг шаънига ёлғон тўқиб, берган ризқининг баъзисини ҳаром, баъзисини ҳалол деганларнинг гуноҳи махфий бўлиб қолармиди? Аллоҳ гувоҳ бўлиб турибди, очиқ-ойдин китобга ёзилиб турибди, деган эътиқод билан яшаб, Аллоҳга ихлос ила эътиқод ва бандалик қилганларнинг бирор амали зое бўлармиди? Албатта, йўқ. Ҳаммаси ҳисобга олинади ва мукофоти берилади.)