(Ислом дини инсониятнинг ақидасини тўғри йўлга солишга келган. Бу ўринда насороларнинг ақидасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақида тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақида аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақидаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни, Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан — ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақидавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш — ҳаддан ошиш эди.)
(Бу бурҳон — Қуръони Каримдир. Ушбу бурҳон — Аллоҳнинг ягоналигининг бурҳонидир. Ушбу бурҳон — Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақликлари бурҳонидир. Ушбу бурҳон — Исломнинг икки дунё саодатига элтувчи дин эканлигининг бурҳонидир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига раҳм этиб, уларга икки дунё бахтига эришиш дастури қилиб нозил этган бу Қуръон — аниқ нурдир.)