(Бу масалалар халқлар бошига битган бало бўлгани ҳаммага маълум.) Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат асосида бўлади.)
(Мусулмонлар доимо қувватли бўлиб туравермас эканлар, уларда заифлик ҳоллари ҳам учраб тураркан. Буни Аллоҳ таоло ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун аввалги оятда келган ҳукмни енгиллаштириб, заиф ҳолатида бир мусулмон жангчи иккита душманга ғолиб келишини таъкидламоқда. Шу билан бирга, номи мусулмон бўлса бўлди, деган тушунча уйғонмаслиги учун «Аллоҳнинг изни ила» шарти ҳам қўшиб қўйилди.)
(Ушбу ва кейинги ояти карималар Бадр урушида асирга тушган мушриклар масаласида нозил бўлгандир.)
(Аллоҳ таоло аввалдан Бадр урушида иштирок этган мусулмонларнинг барча гуноҳларини кечиб юборган эди. Шунинг учун уларнинг бу ҳолатлари ҳам олдиндан ёзиб қўйилган қазои қадарга биноан кечиб юборилди. Бунинг устига, уларга бошқа инъомлар ҳам берди.)