(Ғалаба омилларидан бири — Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилиш бўлиб, у нафақат уруш майдонидаги, балки барча соҳалардаги ғалаба ва муваффақиятларнинг асосий гаровидир. Маълумки, урушда қўмондоликка итоат катта аҳамиятга эга. Бу оддий бандаларга итоат ҳақидаги гап. Энди оламларнинг Яратгувчиси ва тадбирини қилгувчисига, У зотнинг танлаб олган охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга бўладиган итоат қанчалар улуғ эканини, қанчалик муваффақиятлар гарови эканини ўзимиз билиб олаверишимиз керак.)
(Ушбу ояти каримада кофирларга, жумладан, Маккадан Бадрга қараб отланган қурайшликларга ишора қилинмоқда. Улар урушга катта дабдаба билан борардилар. Кибру ҳаволари дунёни оларди. Қаерга тушсалар, туялар сўйишар, ўйинчи қизларни ўйнатиб, қўшиқ айттиришар, одамларни меҳмон қилишар эди. Бу дабдабалар риё учун, куч-қувватларини бошқаларга кўрсатиш учун эди.)
(Яъни, мусулмонлар бир томондан, мушриклар бошқа бир томондан жанг майдонига қараб юриб, бир-бирларига яқин келганда эса, шайтон орқасига қараб қочди. Мушрикларни васваса қилиш, уларнинг ишини зийнатлаб кўрсатиш тўхтади. Демак, шайтон мушриклар мағлубиятга учрашлари шубҳасиз эканлигини кўрган, шунинг учун қочган.)
(Яъни, мушрикларнинг бу қилмиши, худди Оли Фиръавн ва улардан олдингиларнинг қилмишларига ўхшайди.)