(Яъни, Аллоҳ сизларнинг ширк келтиришингизни, баъзи нарсаларни ҳаром деб эълон қилишингизни хоҳлаганини исбот қиладиган ҳужжатингиз борми? Аллоҳ Ўз бандаларидан нимани хоҳласа, очиқ-ойдин айтиб қўйган. Бандалар иймон келтиришни хоҳлаганлари учун, иймон келтиринглар, деган. Кофир-мушрик бўлишларини хоҳламагани учун, куфр келтирманглар, мушрик бўлманглар, деб қатъий ҳукм этган. Шунингдек, бандалари нимани қилишини хоҳласа, амр, нималарни қилмаслигини хоҳласа, наҳий қилиб қайтариб қўйган. Аллоҳнинг хоҳиши ҳаммаси очиқ-ойдин, илмий собит нарсалардир. Аллоҳнинг хоҳиши ичида, ширк келтиринг, баъзи нарсаларни ҳаром қилинг, деган хоҳиш йўқ. Ёки, менинг ғойиб, ҳеч ким билмайдиган хоҳишларимни излаб топиб, ўшанга амал қилинг, дегани ҳам йўқ.)
(Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат соҳиби қилиб яратилдилар. Лекин одамларни хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, ҳидоятга юрадиган қилиб яратишдан нима фойда бор? Аллоҳ таоло одамларга ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйди, ақл-идрок берди ва хоҳлаган йўлини танлаш ихтиёрини берди. Ана ўша ихтиёрга қараб жазо ёки мукофот олади. Мушрик ва кофирлар ана ўша ёмон — залолат йўлини танлаганлардир. Улар ўша ихтиёрлари учун жазоларини оладилар.)