(Яъни, Аллоҳ сизларнинг ширк келтиришингизни, баъзи нарсаларни ҳаром деб эълон қилишингизни хоҳлаганини исбот қиладиган ҳужжатингиз борми? Аллоҳ Ўз бандаларидан нимани хоҳласа, очиқ-ойдин айтиб қўйган. Бандалар иймон келтиришни хоҳлаганлари учун, иймон келтиринглар, деган. Кофир-мушрик бўлишларини хоҳламагани учун, куфр келтирманглар, мушрик бўлманглар, деб қатъий ҳукм этган. Шунингдек, бандалари нимани қилишини хоҳласа, амр, нималарни қилмаслигини хоҳласа, наҳий қилиб қайтариб қўйган. Аллоҳнинг хоҳиши ҳаммаси очиқ-ойдин, илмий собит нарсалардир. Аллоҳнинг хоҳиши ичида, ширк келтиринг, баъзи нарсаларни ҳаром қилинг, деган хоҳиш йўқ. Ёки, менинг ғойиб, ҳеч ким билмайдиган хоҳишларимни излаб топиб, ўшанга амал қилинг, дегани ҳам йўқ.)