(Мунофиқлар ўз кирдикорларини қанчалик яширсалар ҳам, ўзларини Ислом учун фидокор қилиб кўрсатсалар ҳам, қалбларида касали бўлгани учун нифоқлари ошкор бўлади.)
(Синов Аллоҳ таолонинг Ўзи учун эмас. У шундоқ ҳам ҳамма нарсани — одамларнинг кимлигини, сир яширганлари-ю ошкорини, имконияти-ю хоҳишини — барча-барчасини яхши билади. Аммо одамлар бу нарсани англамайдилар. Инсонларнинг бу нарсаларни англаши келажак ҳаётларида ёрдам беради.)
(Булар у зотнинг ҳаётлик даврларида шахсларига, динларига, Қуръонларига, саҳобаларига қарши чиққанлардир. Пайғамбарнинг вафотларидан сўнг эса у кишининг динларига, шариатларига, суннатларига, даъватларига, умматларига қарши чиқанлардир.)
(Аллоҳнинг йўлидаги кураш осон бўлмайди. Лекин дин учун хизмат қилувчи мўминлар доимо устун бўладилар. Устун турганлар эса «бўш келманглар» деган хитобни доимо ёдда тутишади. Улар ҳамма тарафдан устун.)
(Аллоҳ таоло инсон табиатини қанчалик дақиқ билишини таъкидламоқда. Сахийлик, Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашдек фазилатлар кўп мусулмонларга хос бўлиб, уларнинг бу борадаги ишлари тарих саҳифаларида боқий қолган. Шу билан бирга, баъзи бахиллар ҳам бўлган, бу ҳам воқеаликдир. Қуръони Карим ушбу оятда шу бахилликни муолажа қилмоқда.)