(Иймон саодатига муяссар бўлганлар доимо ўзлари иймон келтирган Зотдан фармон бўлишини орзиқиб кутадилар. Чунки уларнинг энг улкан саодати фармони илоҳийга амал қилиб Аллоҳга қурбат ҳосил қилишдир. Худди шу туйғу уларни «Ва иймон келтирганлар, бирон сура нозил қилинса эди, дейдилар», каби мавқифига сабаб бўлган. Ўша орзу қилинган сура нозил қилинса, нима бўлади? У вақтда мўмин мусулмонлар хурсандлик ила унга амал қилишни бошлайдилар. Ўзларининг иймонда содиқликларини исбот қиладилар. Аммо шундай пайтда мунофиқларнинг ҳақиқий башаралари намоён бўлади, уларнинг риё пардалари йиртилади.)
(Ҳар бир оятни, ҳар бир сўзни чуқур тушунишга ҳаракат қилиш Қуръонни тадаббур қилишдир. Ўшанда парда кўтарилади, ҳамма нарса равшанлашади, қалб ҳаловот топади, виждон мусаффо бўлади. «Қалбларида қулф» бўлса, унда ҳамма нарса берк, уларга ҳеч нарса, жумладан, Қуръон нури ҳам кирмайди.)
(«Ортларига қайтганлар»дан мурод мунофиқлардир, улар ҳидоят — иймон нима эканлигини равшан кўрган, мўминликка яқин бўлган эдилар, лекин ортга қайтдилар.)
(Оятдаги «Аллоҳ нозил қилган нарсани хуш кўрмаганлар»дан мурод яҳудийлардир.)
(Мунофиқлар ўзларича, мунофиқлик санъатини қойиллатиб қўямиз, бизнинг Исломга, мусулмонларга бўлган душманлигимизни ҳеч ким билмайди, деб ўйлашади.)