(Оятдан маълум бўляптики, жинларнинг Қуръонга қулоқ осишлари тўсатдан, кутилмаганда содир бўлмаган, балки уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи буриб қўйган. Бу фазлни Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам эслатмоқда.)
(Жинлар Қуръони Каримдан баъзи оятларни тинглашлари билан, уни инсу жинга юборилган илоҳий китоб эканлигини тушуниб етганлар. Шунингдек, Муҳаммад алайҳиссаломни Аллоҳнинг даъватчиси эканликларини, у зотнинг чақириқларига жавоб бериш лозимлиги, Аллоҳга иймон келтириш вожиблигини ҳам англаб етганлар. Энг муҳими, охиратни, қиёмат кунини билганлар, унда аламли азоблар борлигини, Аллоҳга иймонгина у азобдан сақлаб қолиши мумкинлигини фаҳмлаганлар. Афсуски, инсонлар бу борада жинларчалик ҳам эмаслар.)
(Аллоҳ таоло ушбу оятда кофир, мушрик ва динсизлар доимо мўмин-мусулмонларга зулм қилиб, озор бериб, тазйиқ ўтказиб келаганликларини эслатмоқда. «Улул азм», яъни сабр матонат соҳиби бўлган пайғамбарлар — Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир (ва Пайғамбаримиз ҳам улардандир). Бу буюк пайғамбарларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр матонатда зарбулмасал бўлганлар. Оятда Қуръон, етказиш, деб аталмоқда.)