(«Однинг биродаридан» мурод пайғамбар Ҳуд алайҳиссаломдир. У киши ўз қавми Одга Аллоҳ томонидан пайғамбар қилиб юборилганлар. Од қавми «Боида» арабларидан бўлиб, асли Арабистон ярим оролининг жанубида, Ҳазарамавт томонда, баландлик — қумтепа жойларда яшаган. (Исмоил алайҳиссаломдан аввал ўтган арабларни «Боида» араблари дейилади.))
(Кофирлар пайғамбардан ваъда қилинаётган азобни тезроқ келтиришни талаб қилишди. Пайғамбар эса, менга сизларни огоҳлантириш топширилган эди, шуни бажардим, азобнинг қачон келишининг илми эса фақат Аллоҳнинг ҳузурида. Мен унинг вақтини ҳам, шаклини ҳам билмайман, дедилар.)
(Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли эди. У Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши керак эди.)
(Аллоҳ таоло Макка мушрикларига ўзлари хабардор бўлган, уларнинг атрофида куфри ва инкори туфайли ҳалокатга учраган Од, Самуд, Сабаъ ва Лут қавмларини эслатмоқда.)
(Аввалги оятларни ўрганиш жараёнида тушунганимиздек, мушриклар буту санамларга, булар бизни катта худога яқинлаштирадилар, шафоат қиладилар, деб эътиқод қилар эдилар.)