(Аллоҳга ширк келтириш улкан зулмдир. Бировни ноҳақдан ўлдирадиган одам Роҳманнинг суюкли бандаси бўла олмайди. Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш руҳи бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар, зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса, ўзига хос одам ўлдиришдир. Аллоҳга ширк келтирса, ноҳақдан одам ўлдирса ва зино қилса, гуноҳнинг уқубатига дучор бўлади.)
(Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ-яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир, тавба ҳам амалсиз бўлмас.)
(Роҳманнинг суюкли бандалари бутпараст мушрикларга ўхшаб, ўзлари англамаган нарсага ёпишиб олмайдилар. Мушриклар сохта худоларига худди кўр ва карқулоқдек билиб-билмай, кўриб-кўрмай, эшитиб-эшитмай ёпишиб оладилар. Агар улар «худо»ларининг нима эканлигини билганларида, кўрганларида ва эшитганларида, ҳеч қачон уларга ибодат қилмас эдилар.)
(Араб тилида олий мақом хос хонани «ғурфа» дейилади. Тафсирчи уламоларимиздан баъзилари ушбу оятдаги «ғурфа» сўзига, «олий даража», «жаннат», «жаннатдаги алоҳида хона» маъноларини беришган. Аслида, ҳаммасини қўшиб, жаннатдаги олий мақом хос хона, десак мақсадга мувофиқ бўлса керак.)