(Исломда эътиқод-динга кириш ёки унинг аъзолари сафида бўлиш учун тўланадиган бадал ёки солиғу мажбуриятлар йўқ. Хоҳлаган киши Аллоҳга томон йўл олсин. Унга иймон келтирсин, ибодат қилсин. Бошқалар эса, унинг йўлини тўсмасин.)
(Ушбу маънолар эътиқод бобида ўта нозик ва ҳассос эканлиги эътиборидан уламоларимиз жуда ҳам эҳтиёткорлик билан баён қилишга ҳаракат қиладилар. «Олти кун» масаласига келганда, баъзилари, бу дунёнинг кунларига ўхшаш кунлар, Аллоҳ «бўл» деса бўлиб қолар эди-ю, лекин бандаларга шошилмай иш қилишни ўргатиш мақсадида шундай қилди, дейдилар. Бошқалари эса, «олти кун» қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бизнинг кунларимиз осмонлару Ер яратиб бўлингандан кейин, қуёш мажмуасидаги сайёралар низоми яратилгандан кейин вужудга келган тушунчалар, дейдилар. «Сўнгра» калимаси одатда «кейин» маъносидаги тартибни ифода қилади, бу оятдаги «сўнгра» эса, мартабани билдиради.)
(Роҳманнинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон Ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уришлик ҳам бўлмайди.)