(Айюб алайҳиссаломга жуда катта зарар етгани маълум. Лекин ўша зарарнинг айнан номини Қуръони Карим аниқ айтмайди. Ушбу оятда ҳам Айюб алайҳиссаломнинг Аллоҳга ёлбориб нидо қилаётганлари келяпти, холос.)
(Зуннундан мурод Юнус алайҳиссаломдир. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани. Юнус алайҳиссаломни денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташланган. Шунинг учун Зуннун — балиқ эгаси, лақабини олганлар. У зотнинг қиссалари Ас-Саффот сурасида келади. Аммо бу сурада сиёққа мос равишда қисқача баён қилинмоқда. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар. Уламоларимиз айтишларича, аслида у киши бошқа пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда, «зулматларда туриб», яъни кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».)