(Аллоҳ таоло ояти каримада шундай китобни Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга берганини эслатмоқда. Шу билан бирга, Таврот ҳам Фурқон сифатига, ҳам «тақводорлар учун зиё ва эслатма» сифатига эга экани баён қилинмоқда. Ҳа, илоҳий китоб зиёсидан баҳраманд бўлиш ва ундаги эслатмалардан ибрат олиш учун тақводор бўлиш керак. Бетавфиқ ва тақвосизлар унинг зиёсидан ҳам, эслатмасидан ҳам баҳраманд бўла олмайдилар.)
(Иброҳим Аллоҳ томонидан рушди ҳидоят берилган зотлар ичида аввалгиларидан бири эди. Биз унга рушдни бехосдан берганимиз йўқ. Биз Иброҳимнинг рушди ҳидоятга, пайғамбар бўлишга лойиқ зотлигини яхши билар эдик.)
(Яъни, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари билан тортишаётган қавмларига, уларнинг санамларига бир ёмонлик етказишлари аниқлигини қасам ила таъкидлаб айтдилар. Аммо нима қилишларини очиқ-ойдин айтмадилар. Араб тилида «санам» деб бош қисми инсон шаклига ўхшатиб ишланган бутларга айтилади.)