(Ўша давр араблари уммий қавм дейилган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар.)
(Бу ояти карима ҳам Қуръоннинг улкан мўъжиларидан биридир. Бу ғойибнинг хабаридир. Араблардан бошқа халқларнинг исломга киришини ўша пайтда Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмасди.)
(«Устларига Таврот юклатилган»лар — яҳудийлар. Аллоҳ таоло уларни устига китоб ортилган эшакка ўхшатмоқда. Худди эшак устидаги китобни кўтариб чарчаса чарчайди, аммо асло бу китобдаги илм ва таълимотлардан фойдаланмайди.)
(Яҳудийларнинг ўлимни сира орзу қилмасликларига сабаб — гуноҳларининг кўплиги. Улар биладиларки, ўлимдан кейин савол-жавоб бўлади, гуноҳларга яраша азоб белгиланади. Бу эса улар учун ниҳоятда даҳшатли.)
(Дунё ташвиши деб ибодатни тарк этиш яхши эмас. Чунки ризқ берувчи Аллоҳнинг Ўзи. Аввал Унинг ибодати адо бўлса, ризқ топишда кейин Ўзи ёрдам беради.)