(Ҳамма нарсанинг меъёри ва чегараси бўлганидек, саволнинг ҳам чегараси ва услуби бор. Ислом воқелик дини бўлганидан, маърифат учун бериладган саволлар ҳам воқеликдан келиб келиб чиқиши, кишиларга манфаат жалб этиши лозим. Инсоннинг илмини оширмайдиган, маърифатига хизмат қилмайдиган, воқеликда бўлмайдиган икир-чикирларни сўрайверишдан нима ва кимга фойда бор? Айниқса, Қуръон нозил этилиб турган пайтда. Чунки шариатнинг янгидан-янги ҳукмлари жорий этилиб турган пайтда ҳар хил саволлар берилаверса, қўшимча ҳукмлар тушиб, кўпчиликка жабр бўлиб қолиш эҳтимоли бордир.)
(Бешинчи бўталоқ урғочи туғилса, она туянинг қулоғини тилиб, белгили қилиб қўйиб юборилар ва у «баҳийра» деб айтилар эди. Жоҳилий арабларнинг бузуқ эътиқодларига кўра, бундай туянинг гўштини ейиш, сутини ичиш, ўзини миниш ёки устига юк юклаш ҳаром ҳисобланарди. «Баҳийра» деб қўйиб юборилган туя эркин ҳолда юраверар, унга биров тегмас эди. «Соиба» луғатда «қўйиб юборилган» маънони англатиб, бир киши сафардан келгани, касалдан тузалгани учун назр қилган туяга айтиларди. «Васийла» луғатда «уловчи» маъносини англатиб, бирин-кетин улаб урғочи бола туққан қўйга айтиларди. Уни ҳам сўймас эдилар. «Ҳомм» эса, луғатда «ҳимоя қилувчи» маъносини англатиб, урғочи ҳайвонларга қочириш учун қўйиладиган эркак ҳайвонга айтилади. Жоҳилий араблар бир эркак ҳайвон ўнта урғочини қочирса, уни «ҳомм» деб атар эдилар ва унга ҳам алоҳида муносабат кўрсатилар, минилмас, юк юклатилмас эди.)