(Мўмин-мусулмонлар ҳеч бир ишда ҳовлиқмасликлари, ҳар бир нарсани Аллоҳнинг амрига ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашган ҳолда қилишлари лозим.)
(Бу ояти карима саҳобаларга қаттиқ таъсир қилди. Баъзиларида оятда зикр қилинган камчилик бўлса, тузатди, баъзилари эса, оят айнан, ўзи ҳақида тушган деб қабул қилди.)
(Маккаи Мукаррама фатҳ қилингандан сўнг турли қабилаларнинг вакиллари Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилганларини эълон қила бошладилар. Уларнинг кўплари саҳровий, таълим кўрмаган, қўпол аробийлар эдилар. Шулардан бири Бани Тамим қабиласининг бошлиғи ал-Ақраъ ибн Ҳабис келиб, Пайғамбаримиз аҳли аёллари билан истиқомат қиладиган ҳужралари ортидан туриб: «Ҳой, Муҳаммад, ҳой, Муҳаммад, менга қара, менинг мақтовим зийнат, ёмонлашим айбдир», деган экан. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни туширган.)