(Яъни, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга ибодат қилмаслик ҳақидаги сўзни, бошқача айтганда, «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ўзидан кейин келадиган зурриётлари ичида боқий қоладиган қилди. Шоядки, зурриётлари куфр ва ширкдан иймонга қайтсалар.)
(Уларнинг жоҳилий ўлчовлари бўйича молу дунёси кўп, мансаби, ҳукми ва султони бор одам «улуғ киши» деб эътироф этиларди. Ана шундай одам пайғамбар бўлишга лойиқ эди. Ўша пайтда мушрикларнинг бу мақомга номзодлари ҳам бор эди. Маккада ал-Валид ибн Муғийра, Тоифда Урвату ибн Масъуд ас-Сақафий исмли одамлар бўлиб, мушриклар ана шулардан бири пайғамбар бўлса арзийди, деган фикрда эдилар.)