(Оятнинг маъносидан кўриниб турибдики, Юнус алайҳиссаломнинг қавмига ҳаёти дунёнинг хорлик азоби таҳдид солиб қолганда барчалари бирдан иймонга келганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло уларнинг бошидан бу азобни кўтарган ва иймонлари шарофати билан маълум муддатгача фаравон турмуш ила манфаатлантирган. Демак, қоида шу: қайси қишлоқ кофир бўлса, хорлик азобига дучор бўлаверади, қайси қишлоқ иймон келтирса, ундан хорлик азоби кушойиш қилиниб, иймони туфайли манфаатлар топаверади.)
(Яъни, ҳар бир инсон иймонга эришиш учун Аллоҳ изн этган йўлдан юриши керак. У кўрсатган амалларни қилиши керак. Мисол учун, Аллоҳ берган ақлни ишлатиб, атрофдаги оят-далилларни тушуниб етиб, иймонга юзланиши керак. Ақлни ишлатмаса, ўзига ибрат олмаса, иши расво бўлади. Нотўғри йўлга юриб, залолатга кетади.)
(Охир-оқибатда мўминларнинг нажот топиши ҳақдир. Бу вазифани Аллоҳ таоло Ўзига бурч қилиб олгандир. Бу ҳақиқатни мўмин-мусулмонлар, айниқса, даъватчилар жуда яхши англаб етмоқлари лозим.)
(Ўзини билмаган золим одамлар Аллоҳни қўйиб, бут-санамлар ва бошқа нарсаларга илтижо этиб, манфаат топмоқчи ёки зарарни қайтармоқчи бўладилар. Сен, эй Пайғамбар, уларга ўхшама, Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга, ҳеч нарсага илтижо этма.)