(Аввал ҳам айтилганидек, тоғут — Аллоҳнинг изнисиз бўлган ҳукмидир. Мунофиқлар ҳам Аллоҳнинг ҳукмини истамайдилар, шунинг учун ҳам тоғутдан ҳукм сўраб борадилар. Нима бўлса бўлсин, Аллоҳнинг ҳукми бўлмаса, бас. Ҳар қандай тоғутнинг ҳукмини истайверадилар. Бу ишни билмасдан, кўр-кўрона қилмайдилар, балки уларга баён келган. Мунофиқлар тоғутга куфр келтиришга буюрилганлар. Демак, улар билиб туриб қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам уларнинг иймон ҳақидаги даъволари ботил. Улар, аслида, шайтоннинг йўлига кирганлар.)
(Демак, иймоннинг, мўминликнинг бир шарти — ҳар бир нарсада Пайғамбарни алайҳиссалоту вассалом, яъни Ислом динини ҳакам қилиб олиш зарурлигидир. Мўмин-мусулмонман деган одам, мўмин-мусулмонмиз деган жамият ўзининг ҳар бир ишини Исломнинг ҳукми ила олиб бориши керак. Шу билан бирга, ушбу ҳукмга ҳам ичидан тўла рози, ҳам сиртидан бутунлай таслим бўлиши керак. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло қасам билан таъкидлаб айтмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом ҳам ўз ҳадисларидан бирида: «Менинг жоним қудрат қўлида бўлган Зот билан қасамки, ҳавою нафси мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча, бирорта одам мўмин бўла олмайди», деганлар.)