(Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади. Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса, иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «садақаларни зиёда қилади». Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.)
(Ҳақиқий иймон эгаси бўлган кишилар доимо яхши амалларни қиладилар, хусусан, намозни вақтида яхшилаб адо этадилар. Иқтисодий соҳада эса, закот берадилар. Рибохўрлар одамларнинг пешона тери билан топган даромадларини ҳаром йўл билан ўзлаштириб олаётган бўлсалар, мўминлар ўзлари пешона тери билан топган ҳалол молларидан закот чиқариб одамларга, шундай еб кетарга берадилар. Қайтариб олиш ёки ўрнига бошқа нарса олиш умидлари ҳам йўқ. Уларнинг бирдан-бир умидлари «закот берганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир», деган ваъдададир. Улар икки дунёда эминлик ва бахт-саодатда бўлурлар.)