И з о ҳ. Бу оят — Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломни масхаралаб: «Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Аллоҳингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин» деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни мағфират қилиб, яъни азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин азоблаганида, азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.
И з о ҳ. Бу оятда Исломий ақидадаги асосий рукнлардан бири ўз аксини топгандир: «То бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас». Яъни, бирон қавмнинг аҳволи ёмон томонга ўзгарар экан, бунга сабаб устларидаги золим ҳокимгина эмас, балки уларнинг ўзлари ҳақ йўлидан озганлари ҳамдир. Бинобарин, ҳаётлари яхшилик томонга ўзгаришини истайдиган бўлсалар, аввало ўзларини ўнглаб, иймон-эътиқод йўлини тутмоқлари лозимдир. Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг ушбу ҳадислари юқоридаги оятга ҳамоҳангдир: «Ўзларингиз қандай бўлсангиз, устингизга ҳам шундай ҳоким келур».