(Аввалги мушриклар ҳар қанча жоҳил бўлсалар ҳам, ҳозиргиларга қараганда бир оз инсофли бўлган экан. Улар ҳозирги мушрикларга ўхшаб, «ёзиб олган», демасдан, «ёздириб олган», демоқдалар. Чунки улар Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг ўқиш ва ёзишни билмасликларини яхши биладилар. Шунинг учун афсоналарни бошқаларга ёздириб олган, дедилар. Яъни, ўша афсоналар Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга эртаю кеч айтиб турилади, дейдилар.)
(Қуръонни ҳамма нарсани билгувчи зот — Аллоҳ нозил қилгандир. Ҳамма нарсани билгувчи Зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони Каримда эса, ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.)
(Аллоҳ хоҳласа, бу нарсаларни истаган лаҳзада пайғамбарига ато этиши ҳеч гап эмас. Лекин мақсад боғу роғ ва қасрлар эмас. Мақсад ҳамма нарсанинг холиқи Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдир.)
(Кофирлар, қиёмат бўлмайди, дедилар. Қиёмат бўлади, деяётганларнинг гапи ёлғон, дедилар. Ҳолбуки, дўзах уларни кутиб турибди. Ушбу мушриклар тўппа-тўғри ўша тайёр дўзахга равона бўладилар.)