(Мушриклар Аллоҳ таолонинг яратувчи зот эканини, осмонлару Ерни яратганини тан олар эди. Аммо ўша холиқнинг тавҳидини, якка Ўзигина ибодатга сазовор эканини тан олмасди. Ибодатда Унга турли бут ва санамларни шерик қилар эди. Улар ўзларича афсона тўқиб, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, деб сафсата сотишарди. Фаришталарга турли ҳайкаллар ясаб ўшаларга сиғинишарди. Биз малоикаларга ибодат қилиш зарурлигидан эмас, улар бизни шафоат этиб, Аллоҳга жуда ҳам яқинлаштиришлари учун сиғинамиз, дейишарди. Бу ишлари эса, ботил иш эди. Аллоҳнинг тавҳидига хилоф эди. Куфр ва ширк эди.)
(Оятда Аллоҳ таолонинг ҳеч бир шерикка, фарзандга мутлақо ҳожати йўқлиги баён қилинмоқда. Аллоҳ таолонинг ваҳдониятининг далиллари эслатилмоқда.)